Таҳририят кенгаши: Давлат фармакопеяси 2-нашри 2-жилдига киритиладиган фармакопея мақолалари муҳокама қилинди

2026 йил 29 октябрь куни Давлат фармакопеяси бош муҳаррири, профессор Х.К. Джалилов раислигида ўтган Таҳририят кенгашининг 10-сонли йиғилишида 2-нашр 2-жилдига киритиш режалаштирилган 165 та хусусий фармакопея мақоласи муҳокама қилинди; 33 таси илк бор киритилмоқда.
2026 йил 29 октябрь куни «Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази» давлат муассасасида Ўзбекистон Республикаси Давлат фармакопеяси Таҳририят кенгашининг навбатдаги 10-сонли йиғилиши гибрид шаклда бўлиб ўтди.
Йиғилишга Ўзбекистон Республикаси Давлат фармакопеяси бош муҳаррири, Таҳририят кенгаши раиси, фармацевтика фанлари доктори, профессор Х.К. Джалилов раислик қилди. Унда Таҳририят кенгаши аъзолари ва Ихтисослашган эксперт комиссиялари вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда Давлат фармакопеяси 2-нашри 2-жилдини шакллантириш бўйича ишлар кўриб чиқилди. Х.К. Джалиловнинг маърузасида 2-жилдга киритиш режалаштирилган жами 165 та хусусий фармакопея мақоласи муҳокама қилинди. Улардан 33 таси Давлат фармакопеясига илк бор киритилмоқда. Қолган 132 таси аввалги нашрда мавжуд бўлган, Давлат фармакопеяси Котибияти томонидан қайта кўриб чиқилиб, қисман ўзгартириш ва тўлдиришлар киритилган мақолалардир. Мақолаларнинг мазмуни, Европа ва АҚШ фармакопеялари талабларига мувофиқлиги ҳамда миллий амалиётга мослаштирилганлиги атрофлича муҳокама қилинди.

Таҳририят кенгаши илмий котиби, Давлат фармакопеясини ишлаб чиқиш бўлими бош мутахассиси А.Х. Мансуров Ихтисослашган эксперт комиссияларига тақдим этилган фармакопея мақолаларининг мониторинги натижаларини ёритди. Айни вақтда эксперт комиссияларида 70 та мақола кўриб чиқилмоқда: уларнинг 58 таси ишлаб чиқиш, 12 таси илмий таҳрир босқичида турганлиги қайд этилди. Маърузада ҳар бир комиссия кесимида ишнинг жорий ҳолати ва экспертиза жараёнини тезлаштириш юзасидан таклифлар баён қилинди.
Маърузалар юзасидан йиғилиш иштирокчилари ўртасида атрофлича фикр алмашилди ва кун тартибидаги барча масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.
Йиғилишда кўриб чиқилган масалалар Давлат фармакопеясини халқаро талаблар асосида изчил ривожлантиришга ва дори воситалари сифатини баҳоловчи миллий стандартларни янгилашга хизмат қилади. Шунингдек, улар аҳолини сифатли, хавфсиз ва самарали дори воситалари билан таъминлашга қаратилган.