Давлат фармакопеяси «Абу Али ибн Сино ва замонавий фармацевтикадаги инновациялар» IX халқаро конференсиясида кўргазмали стенд билан намоён бўлди

22-май куни Тошкент фармацевтика институтида бўлган IX халқаро конференсияда Давлат фармакопеясини ишлаб чиқиш бўлими махсус кўргазмали стенд билан иштирок этди.
2026-йилнинг 22-май санасида Тошкент фармацевтика институтида бўлиб ўтган “Абу Али Ибн Сино ва замонавий фармацевтикадаги инновациялар” ИХ Халқаро илмий-амалий конференциясида Давлат фармакопеясини ишлаб чиқиш бўлими ходимлари махсус кўргазмали стенд билан фаол иштирок этдилар.
Конференция доирасида Ўзбекистон Республикаси Давлат фармакопеясига оид маълумотлар, жумладан, унинг мазмун-моҳияти, тузилиши, ишлаб чиқиш босқичлари ҳамда мамлакат фармацевтика соҳасини ривожлантиришдаги аҳамиятини ёритувчи ахборот материаллари ва визуал кўргазмалар намойиш этилди.
Кўргазмали стенд конференция иштирокчилари, маҳаллий ва хорижий мутахассислар, профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар ҳамда талабаларда катта қизиқиш уйғотди. Тадбир давомида бўлим ходимлари томонидан Давлат фармакопеяси, дори воситалари сифатини таъминлаш, фармакопея мақолаларини ишлаб чиқиш ва халқаро стандартлар билан уйғунлаштириш масалалари бўйича иштирокчиларга атрофлича тушунтиришлар берилди ҳамда қизиқтирган саволларга илмий асосланган жавоблар тақдим этилди. Шунингдек, конференцияни ёритиш учун ташриф буюрган оммавий ахборот воситалари ва марказий телевидение вакиллари томонидан бўлим фаолияти, Давлат фармакопеясига оид кўргазмали материаллар ҳамда амалга оширилаётган ишлар тасвирга олиниб, интервьюлар ташкил этилди.

Абу Али Ибн Сино ва замонавий фармацевтикадаги инновациялар» ИХ Халқаро илмий-амалий конференциясида иштирок этган бўлим мутахассислари
Мазкур конференциядаги иштирок Давлат фармакопеясини ишлаб чиқиш бўлими фаолиятини кенг жамоатчиликка танитиш, Ўзбекистон Республикаси Давлат фармакопеясининг аҳамиятини тарғиб қилиш, соҳадаги илмий-амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда миллий фармакопеянинг нуфузини янада оширишга хизмат қилди.