Илмий кенгаш: илмий кадрлар салоҳияти, тадқиқотларнинг устувор йўналишлари ва лабораторияларни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш кун тартибида

2026 йил 28 октябрь куни профессор Х.К. Джалилов раислигида ўтган Илмий кенгашнинг 3-сонли мажлисида PhD ва DSc изланувчилари учун 93 та мавзули илмий мавзулар банки, тадқиқотларнинг бешта устувор йўналиши ва лабораторияларни ЖССТ преквалификациясига тайёрлаш муҳокама қилинди.
2026 йил 28 октябрь куни «Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази» давлат муассасаси Илмий кенгашининг навбатдаги 3-сонли мажлиси гибрид шаклда бўлиб ўтди. Мажлисга Илмий кенгаш раиси, Давлат фармакопеясини ишлаб чиқиш бўлими бошлиғи, фармацевтика фанлари доктори, профессор Х.К. Джалилов раислик қилди. Унда Кенгашнинг барча 19 нафар аъзоси иштирок этди.
Мажлис Илмий кенгашнинг жорий йилга мўлжалланган иш режаси ижроси доирасида ўтказилди. Кун тартибида Марказнинг илмий фаолиятини тизимли ривожлантириш, ёш илмий кадрларни тайёрлаш ва лаборатория базасини халқаро талаблар даражасига кўтаришга қаратилган тўртта масала муҳокама қилинди.
Илмий нашрлар ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш бўлими бошлиғи ўринбосари, фармацевтика фанлари номзоди, катта илмий ходим А.А. Ашуров PhD (фалсафа доктори) ва DSc (фан доктори) изланувчилари учун шакллантирилган илмий мавзулар банкини тақдим этди. Банкдаги мавзулар 4 та ихтисослик шифри бўйича 93 та мавзуни ўз ичига олади. Мавзулар Марказнинг тартибга солиш соҳасидаги регулятор эҳтиёжларидан келиб чиқиб танланган ва фармацевтика соҳасининг асосий ихтисосликларини қамраб олади. Маърузачи Марказ номидан чоп этиладиган илмий ишлар ва ўқув адабиётларини эксперт баҳолашнинг ягона тизимини ҳам тақдим этди. Бу тизим 6 босқичли экспертиза, 7 та мезон, 100 баллик баҳолаш шкаласи ва антиплагиат текширувига асосланади.

А.А. Ашуров дори воситалари ва тиббий буюмлар соҳасидаги илмий тадқиқотларнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳам маъруза қилди. Улар фармаконазорат ва клиник фармакология, сифат ва фармакопея, дори технологияси ва биофармация, тиббий буюмлар ҳамда регулятор фанни қамраб олади. Шунингдек, Марказнинг 2026–2030 йилларга мўлжалланган илмий-тадқиқот режаси, 8 та тадқиқот мавзуси лойиҳаси ва илмий фаолият самарадорлигини баҳоловчи 16 та индикатор тақдим этилди.
Илмий нашрлар ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш бўлими бош мутахассиси З.Ф. Умарова ҳамда Давлат фармакопеясини ишлаб чиқиш бўлими бошлиғи ўринбосари А.О. Зайнидинов ёш олимлар ва мутахассислар учун ўтказилаётган «Маҳорат дарслари» ва вебинарлар натижаларини ёритди. 2026 йилнинг 10 ойида 64 та ўқув тадбири ўтказилди, бу ўтган йилдагидан 2,1 баравар кўп. 116 нафар ходимнинг малака ошириш бўйича 194 та ҳолати ягона ҳисобга олинди. PhD даражасига эга ходимлар сони 4 нафардан 8 нафарга, илмий даражали ходимлар сони эса 22 нафардан 25 нафарга етди. Халқаро экспертлар иштирокидаги вебинарларни кўпайтириш ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Европа дори воситалари сифати бўйича директорат (EDQM) ва АҚШ фармакопеяси (USP) тадбирларида иштирокни кенгайтириш бўйича таклифлар билдирилди.
Синов маркази раҳбари, фармацевтика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) З.Д. Бобоев Марказ лабораторияларини ЖССТ преквалификациясига тайёрлаш бўйича олиб борилаётган ишларни ёритди. Тузатиш ва олдини олиш чоралари режаси асосида мустақил сифатни таъминлаш тизими йўлга қўйилди. Ускуналарни квалификациядан ўтказиш, компьютерлаштирилган тизимларни валидациялаш ва ҳужжатлаштиришни ALCOA+ тамойилларига мувофиқлаштириш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Преквалификация жараёнини 2027 йил якунига қадар тугатиш режалаштирилган.
Маърузалар юзасидан Илмий кенгаш аъзолари ўртасида атрофлича фикр алмашилди. Маърузалар маълумот учун қабул қилиниб, кун тартибидаги барча масалалар бўйича ижро учун тегишли қарорлар қабул қилинди.
Мажлисда кўриб чиқилган масалалар Марказнинг илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш, ёш олимларни илмий даражаларга йўналтириш ва синов лабораторияларининг халқаро миқёсда тан олинишига эришишга хизмат қилади. Бу эса аҳолини сифатли, хавфсиз ва самарали дори воситалари билан таъминлаш тизимини янада мустаҳкамлайди.
Шу тариқа илмий мавзулар банки орқали илмий изланишларни бошлаш истагидаги мутахассислар ва изланувчилар учун кенг имконият яратилди. Мавзуларни танлаш, илмий раҳбарлик ва илмий ишларни экспертизадан ўтказиш бўйича савол ва мурожаатлар бўйича Илмий нашрлар ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш бўлимига мурожаат қилиш мумкин.
📞 +998 71 203-01-01 (ички рақамлар: 2361, 2362)
✉️ farmkomitet@ssv.uz
📍 100002, Тошкент ш., Озод кўчаси, К. Умаров тор кўчаси, 16-уй
«Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази» давлат муассасаси Ахборот хизмати