Давлат фармакопеяси иккинчи нашрининг биринчи жилди тайёрланди: 450 га яқин умумий мақола халқаро стандартларга уйғунлаштирилди
Европа ва АҚШ фармакопеялари билан уйғунлаштирилган, 450 га яқин умумий мақоладан иборат биринчи жилд тайёрланиб, тасдиқлаш учун Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдим этилди.
Давлат фармакопеясини ишлаб чиқиш бўлими (Бўлим) томонидан тасдиқланган стратегик ишлар режасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат фармакопеяси иккинчи нашрини ишлаб чиқиш йўналишида:
1. “Ўзбекистон Республикасининг “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат фармакопеясининг биринчи нашри биринчи жилди иловасини тасдиқлаш тўғрисида”ги №258-сон буйруғида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаб бориб, Ўзбекистон Республикаси Давлат фармакопеясининг (Давлат фармакопеяси) иккинчи нашри 1-жилди жами 450 га яқин умумий фармакопея мақолаларини “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” давлат муассасаси (Марказ) ҳамда Европа фармакопеяси ўртасида тузилган “Ўзбекистон Республикаси Давлат фармакопеясини яратишда Европа фармакопеяси матнларини нусхалаштириш ва уйғунлаштириш ҳуқуқини тақдим қилиш тўғрисида”ги келишувга, шунингдек АҚШ Фармакопея Конвенсияси (USP) билан имзоланган “Қўшма Штатлар Фармакопеяси – Миллий формулярни қабул қилиш ҳуқуқларини тақдим этиш” тўғрисидаги шартнома ва “Англашув меморандуми”га мувофиқ уйғунлаштирилган ҳолда ишлаб чиқилди.
Бунда, Европа Фармакопеясининг 9-12-нашрлар оралиғидаги ўзгартириш, қўшимчалар, тўлдиришлар ва чиқариб ташланган ва ҳозирги кунда амалда бўлган фармакопея мақолаларининг солиштирма таҳлили асосида амалга оширилди. Таҳлиллар EDQMнинг Pharmeuropa платформасидаги маълумотлар, Европа Фармакопея Комиссиясининг мажлис қарорлари, стратегик иш режалари асосида амалга оширилди.
Ўрганиш натижаларига кўра, Давлат фармакопеясининг биринчи жилди ишлаб читсилгандан кейинги ўтган 5 йил мобайнида Европа фармакопеяси (8-12-нашрлари оралиғида)га жами 131 та янги фармакопея монографиялари киритилгани, 875 та фармакопея монографияларига тегишли ўзгартириш ва тўлдиришлар киритилгани, 37 та фармакопея монографияларини Европа фармакопеясидан чикарилиб уларни амал қилиши тўхтатилгани ва булардан 6 та монографиялар бевосита Давлат фармакопеясига тааллуқлилиги аниқланди.
2. Давлат фармакопеясига киритиладиган фармакопея мақолалари рўйхати шакллантирилиб, танлаб олинган фармакопея мақолаларини ўзбек ва рус тилларига илмий жиҳатдан таржима ва таҳрир қилиш, редаксион таҳрирлаш, матн тузатиш ва саҳифалаш ишларини амалга оширилди.
3. 2025-йил давомида Давлат фармакопеяси Таҳририят Ҳайъати, Таҳририят Кенгаши, Давлат фармакопеяси Котибияти, 11 та йўналишдаги Ихтисослашган эксперт комиссиялари ва уларнинг Ишчи гуруҳлари томонидан жами 50 дан ортиқ йиғилишлар ўтказилиб, уларда жами 200 га яқин турли масалалар муҳокама қилинди ва 450 га яқин фармакопея мақолалари лойиҳалари, шу жумладан 10 га яқин фармакопея мақолалари лойиҳалари қайта ишлашга юборилиб, Экспертлар томонидан маʻқуллангандан сўнг Давлат фармакопеясига киритиш учун тавсия этилди. Ўтказилган йиғилишлар жами 40 та йиғилиш байённомалари расмийлаштирилди.
4. Давлат фармакопеясининг 2-нашри 1-жилдига Европа фармакопеясининг 17 та ва АҚШ фармакопеясининг 30 та янги мақолалари киритилди. Шу билан бирга, Фармакопея дискуссия гуруҳи (PDG) доирасида Европа ва АҚШ фармакопеялари томонидан ўзаро уйғунлаштирилган 17 та фармакопея мақолалари Давлат фармакопеясининг 2-нашри 1-жилдига киритилиб, уларга муқобил мақола сифатида 14 таси USP томонидан тақдим этилган мақолалар ҳам киритилган.
Бундан ташқари, 200 дан ортиқ тўлдиришлар ва ўзгартиришларни, шунингдек 1-жилдга киритилган 4 мингга яқин реагентларни уйғунлаштириш, ўзгартириш ва тўлдиришлар бўйича ва Давлат фармакопеясининг 2-нашрига киритилиши бўйича тизимли ишлар олиб борилди.
5. Бўлим томонидан ҳайвонларда ўтказиладиган синовларни камайтириш, эскирган синов усулларидан воз кечиш ва уларни муқобил усулларга алмаштириш йўналишида 2026-йил 1-январдан бошлаб Европа фармакопеясидан чиқариб юборилаётган жами 7 та умумий фармакопея мақолалари тўғрисида муҳокамалар олиб борилиб, бу борада Давлат фармакопеясида ушбу синов усулларидан маҳаллий шароитларни инобатга олган ҳолда босқичма-босқич 3 йил давомида воз кечиш таклиф этилди.
6. Бўлим томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат фармакопеясининг иккинчи нашри биринчи жилди фармацевтика маҳсулотлари сифатини таъминлашда халқаро етакчи фармакопеялар: Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Халқаро фармакопеяси (Ph. Int.), Европа фармакопеяси (Ph. Eur.) ва Америка Қўшма Штатлари фармакопеяси (USP) билан уйғунлаштирилган ҳолда ишлаб чиқилиб, уни тасдиқлаш учун буйруқ лойиҳаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдим этилди.