Эълон қилинган: 10.11.2025 · Маҳаллий

Давлат фармакопеяси бўйича маҳорат дарслари VIII халқаро анжуманда ўтказилди

«Абу Али ибн Сино ва замонавий фарматсевтикада инновациялар» VIII халқаро анжумани доирасида Давлат фармакопеясига бағишланган махсус маҳорат дарслари ташкил этилди.

2025-йил давомида «Абу Али ибн Сино ва замонавий фарматсевтикада инновациялар» мавзусидаги VIII халқаро илмий-амалий анжуман доирасида Ўзбекистон Республикаси Давлат фармакопеясини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этишга бағишланган махсус маҳорат дарслари ташкил этилди. Тадбир миллий фармакопеяни кенг мутахассислар жамоасига яқинроқ таништириш ва уни амалиётга татбиқ этишни жадаллаштиришга хизмат қилди.

Маҳорат дарсларида олий ўқув юртлари талабалари, маҳаллий дори воситаларини яратиш соҳасида илмий-тадқиқот ишларини олиб борувчи ташкилот ва муассасалар вакиллари, шунингдек дори воситалари ҳамда тиббий буюмларни ишлаб чиқариш ва уларнинг сифатини назорат қилиш билан шуғулланувчи мутахассислар иштирок этди.

Тақдимотларни Давлат фармакопеясини ишлаб чиқиш бўлимининг бош мутахассислари олиб борди. Акмалхўжа Зайнидинов «Ўзбекистон Республикаси Давлат фармакопеясини ривожланиш истиқболлари: асосий йўналишлар, янгиланишлар ва қайта нашр этиш» мавзусида маъруза қилди ва миллий фармакопеянинг яқин истиқболдаги йўналишларини ёритиб берди.

Азамат Мансуров «Ўзбекистон Республикаси Давлат фармакопеясини амалиётга жорий этишнинг долзарб жиҳатлари» мавзусидаги маҳорат дарсини олиб борди. Дарслар эркин мулоқот тарзида ўтказилиб, иштирокчилар билан фармакопеянинг тузилиши ва уни амалиётга татбиқ этиш масалалари юзасидан фаол фикр алмашилди.

Davlat farmakopeyasiga bagʻishlangan mahorat darslaridan lavha
Давлат фармакопеясига бағишланган маҳорат дарсларидан лавҳа

‹ Янгиликларга