«USP Конвенсияси–2025» халқаро анжуманида Марказ делегацияси иштирок этди
2025-йил май ойида АҚШнинг Мериленд штатидаги Роквилл шаҳрида бўлиб ўтган «USP Конвенсияси–2025» анжуманида 50 га яқин мамлакат ва 450 дан зиёд ташкилот вакиллари қатнашди.
2025-йил май ойида «Фарматсевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази» давлат муассасаси аъзоларидан иборат делегация АҚШнинг Мериленд штати, Роквилл шаҳрида ўтказилган «USP Конвенсияси–2025» халқаро анжуманида иштирок этди. Анжуман жаҳон фарматсевтика ҳамжамиятининг нуфузли минбарларидан бири бўлиб, унда дори воситалари сифати билан боғлиқ глобал масалалар кенг кўламда муҳокама қилинди.
Тадбир юқори вакиллик даражаси билан ажралиб турди: унда 50 га яқин мамлакатдан 450 дан зиёд ташкилот вакиллари йиғилди. Бу кенг қамров дори воситаларининг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш масалалари бугунги кунда барча давлатлар учун умумий ва долзарб эканини яққол кўрсатди.
Анжуман доирасида дори воситаларининг сифати, хавфсизлиги, самарадорлиги ва оммабоплиги билан боғлиқ глобал муаммолар таҳлил қилиниб, уларни бартараф этишнинг ҳамкорликдаги ечимларини ишлаб чиқиш бўйича фикр алмашилди. Иштирокчилар олдинда турган вазифалар юзасидан ўзаро келишувларга эришди.
Ўзбекистон делегациясининг нуфузли халқаро анжумандаги иштироки миллий фармакопея органининг жаҳон етакчи фармакопеялари ва тартибга солувчи ташкилотлар билан ҳамкорлигини янада кенгайтиришга, Давлат фармакопеясини халқаро стандартларга уйғунлаштириш жараёнини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
