Давлат фармакопеясини ривожлантириш — давлат тилининг илмий салоҳиятини намоён этишдир

Ўзбек тили байрами муносабати билан Давлат фармакопеясини ишлаб чиқиш бўлими «Tashkent Pharma Park» кутубхонасида маънавий-маърифий тадбир ўтказди: давлат тилининг ҳуқуқий асослари ва фармакопея терминологияси муҳокама қилинди.
2026 йил 21 октябрь куни Ўзбек тили байрами муносабати билан Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази Давлат фармакопеясини ишлаб чиқиш бўлими томонидан «Tashkent Pharma Park» кутубхонасида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбирнинг асосий мақсади давлат тилининг ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлаш, унинг илмий-техник имкониятларини кенгайтириш, фармацевтика соҳасида давлат тилида иш юритиш талабларига риоя этиш ҳамда фармакопея ҳужжатларида ягона терминологик ёндашувни таъминлаш масалаларини ёритишдан иборат бўлди.
Бўлим бошлиғининг ўринбосари Акмалхўжа Зайнидинов ўз маърузасида давлат тилининг ҳуқуқий асослари ва уларнинг Давлат фармакопеясини ишлаб чиқишдаги аҳамиятини таҳлил қилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасида белгиланган давлат тилига оид конституциявий норма, «Давлат тили ҳақида»ги Қонуннинг 7-моддасида назарда тутилган ўзбек тилини илмий-техник атамалар ҳисобига бойитиш талаби ҳамда 21-моддасида белгиланган маҳсулотларни давлат тилидаги ёрлиқлар ва йўриқномалар билан таъминлаш қоидаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 20 октябрдаги ПҚ-308-сон «Давлат тилини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида белгиланган давлат тилининг илм-фан тили сифатидаги нуфузини ошириш, луғат бойлигини мунтазам кенгайтириш ва замонавий ахборот технологияларига интеграциялашувини таъминлаш вазифалари кўриб чиқилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 7 августдаги 437-сон қарорида давлат тили тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этиш ва давлат тилида иш юритиш учун раҳбарларнинг масъулияти ҳамда шахсий жавобгарлиги белгилангани таъкидланди.
Фармацевтика соҳасида давлат тилига оид талабларни амалга ошириш масалаларига алоҳида тўхталилди. Хусусан:
- Соғлиқни сақлаш вазирининг 203-сон буйруғига мувофиқ, 2023 йил 1 сентябрдан вазирлик тизимида ҳужжатларни лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида юритиш талаби қайд этилди.
- Соғлиқни сақлаш вазирининг 2025 йил 12 декабрдаги 14-сон буйруғи билан тасдиқланган ва Адлия вазирлигида 2025 йил 30 декабрда 3738-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом талаблари таҳлил қилинди. Мазкур Низомга мувофиқ, умумий фармакопея мақолалари ва фармакопея мақолалари давлат тилида ишлаб чиқилади. Давлат тилида тенг маъноли сўз ёки тушунча мавжуд бўлган тақдирда хорижий тил атамаларини қўллашга, шунингдек, оғзаки нутқ шакллари ҳамда эскирган ёки кўп маъноли сўз ва иборалардан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
Давлат фармакопеяси дори воситалари ва тиббий жиҳозларга қўйиладиган талаблар ҳамда уларнинг сифатини назорат қилиш усулларини қамраб олган расмий нашрдир. Ундаги фармакопея мақолалари муайян дори воситаси ёки бошқа тегишли объектнинг сифат кўрсаткичлари ва уларни назорат қилиш талабларини белгилайди. Шу боис терминологик аниқлик, илмий асосланганлик ва матннинг бир хил талқин қилиниши фармакопея ҳужжатларининг муҳим сифат мезонлари ҳисобланади.
Атамаларнинг нотўғри қўлланилиши ёки турлича талқин қилиниши таҳлил усулларини нотўғри тушунишга, олинган натижаларнинг қиёсланувчанлигига салбий таъсир кўрсатиши ва пировардида беморлар хавфсизлиги билан боғлиқ хавфларни келтириб чиқариши мумкин. Шу муносабат билан фармакопея терминологиясини шакллантиришда «бир тушунча — бир атама» тамойилига, илмий асосланган атамалардан фойдаланишга амал қилиш зарурлиги таъкидланди.

Тадбир давомида бўлим ходимлари Тошпўлатова Мактуба ва Ирмуҳаммедова Зиёдалар ҳам сўзга чиқиб, давлат тилига оид талабларни бўлим фаолиятига татбиқ этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида ахборот бердилар. Жумладан, иш юритишда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосидан фойдаланиш, фармакопея атамаларини унификация қилиш, таржима ва илмий таҳрир жараёнларида ягона терминологик ёндашувни таъминлаш масалалари ёритилди.
Давлат фармакопеясини ишлаб чиқиш бўлими фаолиятининг асосий натижалари сифатида қуйидагилар қайд этилди:
- Давлат фармакопеясининг биринчи нашри ўзбек ва рус тилларида чоп этилган. Иккинчи нашрнинг I жилди ўзбек тилининг лотин ёзувига асосланган алифбосида тайёрланган.
- 200 дан ортиқ фармакопея атамасини қамраб олган изоҳли луғат шакллантирилган.
- Европа ва АҚШ фармакопеяларининг минглаб саҳифалари ўрганилиб, халқаро фармакопея талаблари билан уйғунлаштириш ишлари амалга оширилган ва тегишли матнлар ўзбек тилига таржима қилинган.
- «Бактериал эндотоксинлар», «Стандарт намуналар» каби ихтисослашган фармакопея атамаларининг ўзбек тилидаги муқобиллари ишлаб чиқилган.
Тадбир якунида бўлим фаолиятида давлат тилига оид қонунчилик талабларига изчил риоя этиш, фармакопея мақолаларидаги терминологияни янада такомиллаштириш ва ягона қўлланишини таъминлаш, изоҳли атамалар луғатини кенгайтириш, шунингдек, ҳужжатларни тайёрлаш, таржима қилиш ва таҳрирлаш жараёнларида ўзбек адабий тилининг имло, услуб ва терминологик меъёрларига амал қилиш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.
Давлат фармакопеясини миллий тилда такомиллаштириш нафақат фармацевтика соҳасидаги меъёрий ҳужжатлар сифатини оширишга, балки ўзбек тилининг илмий-техник салоҳиятини ривожлантириш ва унинг халқаро миқёсдаги нуфузини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.
Барча ҳамкасбларимизни Ўзбек тили байрами билан самимий муборакбод этамиз! Давлат тилимиз илм-фан, таълим ва профессионал фаолиятнинг барча соҳаларида янада равнақ топсин!