Давлат фармакопеяси атамаларининг «Изоҳли луғати» ва «Мунозарали сўзлар жадвали» шакллантирилди
Давлат фармакопеясида қўлланадиган 200 дан ортиқ атама изоҳлар билан таъминланиб, электрон луғат базасига киритилди; таклифлар 2-нашрга тақдим этилди.
Давлат фармакопеясини ишлаб чиқиш бўлими Ўзбекистон Республикаси Давлат фармакопеясида қўлланадиган 200 дан ортиқ атаманинг «Изоҳли луғати» ва «Мунозарали сўзлар жадвали»ни шакллантирди. Ягона терминология базасини яратишга қаратилган ушбу иш фармакопея матнларининг аниқлиги ва изчиллигини таъминлашга хизмат қилади.
Тўпланган атамалар ва уларнинг изоҳлари электрон луғат базасига киритилди. Бу фармакопея мақолаларини илмий таржима ва таҳрир қилишда, шунингдек мутахассисларнинг кундалик амалиётида ягона ҳамда изчил атамашуносликдан фойдаланиш имконини беради.
«Мунозарали сўзлар жадвали» талқини ёки таржимаси баҳсли бўлган атамаларни бир тизимга солади ва улар юзасидан келишилган ечимларни қайд этади. Шу тариқа фармакопея ҳужжатларида терминологик номувофиқликларнинг олди олинади.
Амалга оширилган иш якунида тайёрланган таклифлар Давлат фармакопеясининг иккинчи нашрига киритиш учун тақдим этилди.