ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ ФАРМАКОПЕЯСИНИ ИШЛАБ ЧИҚИШ ТИЗИМИ
Соғлиқни сақлаш вазирининг 2019 йил 3 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат фармакопеясини шакллантириш бўйича ишчи ва экспертлар гуруҳини ташкил этиш тўғрисида” ги 115-сон буйруғи имзоланиб, унга биноан Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан 2019 йилнинг 17 июлидан “Ўзбекистон Республикаси Давлат фармакопеясини ишлаб чиқиш ва нашрга (қайта нашр) тайёрлаш ишларини ташкил қилиш тўғрисида”ги 24-сон буйруғи тасдиқланиб, Давлат фармакопеясини ишлаб чиқиш тизими яратилди.
⬇ PNG юклаб олишТаҳририят Ҳайъати. Давлат фармакопеясини нашр этиш/қайта нашр этиш тизимининг олий органи ҳисобланади. У Давлат фармакопеяси, унинг иловалари, шунингдек, алоҳида фармакопея монографияларини Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқлаш учун кўриб чиқади ва тасдиқлашга тавсия этади. Таҳририят Ҳайъати Давлат фармакопеясининг ишлаб чиқилиши ва такомиллаштирилишига оид истиқболли йўналишларни белгилайди, шунингдек, унинг алоҳида бўлимларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш бўйича режаларни тасдиқлайди. Таҳририят Ҳайъати юқори малакали, кўп йиллик тажрибага олимлар ҳамда соҳанинг юқори малакали мутахассисларидан иборат.
⬇ PNG юклаб олишТаҳририят Кенгаши. Давлат фармакопеясини нашр этиш/қайта нашр этиш учун тайёрлаш тизимининг олий ижро органи ҳисобланади, у Ихтисослаштирилган эксперт комиссиялари, уларнинг ишчи гуруҳлари ва алоҳида мутахассислар фаолиятини мувофиқлаштиради. Таҳририят Кенгаши Давлат фармакопеяси ва унинг бўлимларини тайёрлаш бўйича асосий йўналишларни белгилайди ва иш режасини ишлаб чиқади. Таҳрир Кенгаши фармакопея монографиялари ва бошқа стандартлаштиришга оид ҳужжатлар лойиҳаларини даврий равишда ўрганиб, муҳокама қилади ва уларни Таҳририят Ҳайъатига кўриб чиқиш учун тақдим этади.
⬇ PNG юклаб олишКотибият. Таҳририят Кенгашининг ижро этувчи бўғини бўлиб, топшириқларни Ихтисослаштирилган эксперт комиссиялари ва уларнинг ишчи гуруҳлари ўртасида тақсимлайди ҳамда уларнинг бажарилишини назорат қилади. Котибият аъзолари ўзларига ажратилган фармакопея монографиялари бўйича илмий, техник ва таҳририй тузатишлар киритиш билан шуғулланадилар. Котибият аъзолари, шунингдек, монографияларни ишлаб чиқиш, уйғунлаштириш ва илмий таҳрир қилиш масалаларида соҳа мутахассислари билан ҳамкорликда фаолият олиб борадилар. Шунингдек, Давлат фармакопеясига ўзгартириш ва/ёки қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар беришади.
⬇ PNG юклаб олишИхтисослаштирилган эксперт комиссиялари. Давлат фармакопеясини нашр этиш/қайта нашр этиш тизимининг махсус ихтисослик бўйича ишчи орган ҳисобланади, у ўз ичига юқори малакали, тор доирадаги мутахассисиларни қамраб олган. Ихтисослаштирилган эксперт комиссиялари ўз фаолиятини Таҳрир Кенгаши топшириқлари асосида олиб боради. Ихтисослаштирилган эксперт комиссиялари фаолиятига Котибиятга бириктирилган аъзолар томонидан мувофиқлаштирилади. Ихтисослаштирилган эксперт комиссиялари Давлат фармакопеясига киритилган матнларни етакчи фармакопеялар монографиялари билан уйғунлаштириш, шунингдек, уларни таржима қилиш, илмий таҳрирлаш, тегишли ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритишни амалга оширадилар.
Фармакопея мақолаларининг илмий жиҳатдан пухталигини таъминлаш учун тизимда ўн битта ихтисослашган эксперт комиссияси фаолият юритади. Уларнинг ҳар бири муайян илмий-услубий йўналишга масъулдир:
- Физик тадқиқот усуллари ва аналитик жиҳозлар;
- Физик-кимёвий тадқиқот усуллари;
- Дори воситалари ҳақиқийлиги ва миқдорий аниқлаш;
- Биологик фаолликни аниқлаш усуллари;
- Биологик препаратлар ва микробиологик тадқиқотлар;
- Реактивлар ва аналитик эритмалар;
- Тиббий буюмлар ва ўраш материаллари;
- Фармацевтик тадқиқотлар;
- Фармацевтик-технологик тадқиқотлар;
- Фармакогностик тадқиқотлар;
- Статистик таҳлил ва математик ишлов усуллари.
Ишчи гуруҳ. Фармакопея мақолаларини тузиш, мувофиқлаштириш ва такомиллаштириш бўйича етарли тажрибага эга бўлган юқори малакали мутахассислардан иборат. Ишчи гуруҳ фаолияти Ихтисослаштирилган эксперт комиссиялари раиси ва илмий котиби томонидан мувофиқлаштирилади. Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан бажарилган ишлар Ихтисослаштирилган эксперт комиссиялари мажлисларида муҳокама қилинади ва Таҳрирят Кенгашига кўриб чиқиш учун тақдим этилади.
Фармакопеяни ишлаб чиқишда тамал тошини қўйган, фармацевтика соҳасининг ёрқин номоёндаси, Давлат фармакопеяси бош муҳаррири, фармацевтика фанлари доктори, профессор Х.К. Джалилов Таҳририят Кенгашининг дастлабки йиғилишларида соҳанинг етук олимлари, малакали мутахассисларидан иборат жамоани ягона мақсад сари бирлаштириб, уларни ишларини мувофиқлаштирган ва тарихий аҳамиятга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат фармакопеясини яратишда жонбозлик кўрсатди.