2025-йилда Давлат фармакопеяси тузилмалари 50 дан ортиқ йиғилиш ўтказди
2025-йилда Давлат фармакопеясининг таҳририят ва эксперт тузилмалари 50 дан ортиқ йиғилиш ўтказиб, 200 га яқин масала ва 450 га яқин мақола лойиҳасини кўриб чиқди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат фармакопеясининг иккинчи нашрини тайёрлаш 2025-йил давомида фармакопеянинг коллегиал ва эксперт тузилмалари томонидан жадал олиб борилди. Йил мобайнида Давлат фармакопеяси Таҳририят Ҳайъати, Таҳририят Кенгаши, Давлат фармакопеяси Котибияти ҳамда 11 та йўналишдаги Ихтисослашган эксперт комиссиялари ва уларнинг Ишчи гуруҳлари томонидан жами 50 дан ортиқ йиғилишлар ўтказди.
Йиғилишларда фармакопея ривожига оид 200 га яқин турли масалалар муҳокама қилинди ҳамда 450 га яқин фармакопея мақоласи лойиҳаси кўриб чиқилди. Улар орасидан 10 га яқин лойиҳа қайта ишлашга юборилди, экспертлар томонидан маъқулланган мақолалар эса Давлат фармакопеясига киритиш учун тавсия этилди.
Ўтказилган йиғилишлар юзасидан жами 40 та йиғилиш баённомаси расмийлаштирилди. Бу фармакопея мақолаларини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш жараёни ҳужжатлаштирилган, изчил ва шаффоф тартибда амалга оширилганидан далолат беради.
Тузилмаларнинг барқарор фаолиятини таъминлаш мақсадида уларнинг таркиблари Марказ директорининг буйруғи билан янгиланди. 2025-йил 20-февралда “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” давлат муассасаси директорининг 64-сон буйруғи имзоланиб, унга биноан буйруқнинг 4-банди 3-, 5- ва 7-иловаларига тегишлилиги бўйича ўзгартиришлар киритилди ҳамда Давлат фармакопеяси Таҳририят Ҳайъати, Таҳририят Кенгаши ва Котибиятининг янгиланган таркиблари қабул қилинди. Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирининг 212-сон буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида Марказ директорининг 364-сон буйруғига биноан Давлат фармакопеясини ишлаб чиқиш ва нашрга (қайта нашрга) тайёрлаш ишларига жалб этилган 11 йўналишдаги ихтисослашган эксперт комиссиялари ҳамда уларнинг ишчи гуруҳлари таркиблари қайта шакллантирилиб, тасдиқланди. Давлат фармакопеясини ишлаб чиқиш ва нашрга (қайта нашрга) тайёрлаш ишларига жалб этилган мутахассислар билан фуқаровий-ҳуқуқий тусдаги шартномалар ҳам тузилди.
Коллегиал тузилмалар ва эксперт комиссияларининг мунтазам фаолияти Давлат фармакопеясининг иккинчи нашрини илмий асосланган ва бир маромдаги тартибда, халқаро етакчи фармакопеялар билан уйғунлаштирилган ҳолда тайёрлашнинг асосий механизми бўлиб хизмат қилмоқда.