Сайт тест режимида ишламоқда

Рақамли қулайлик ва авлодлар интеграцияси: Платформада лотинча матнларни автоматик кириллчага ўгириш функсияси ишга туширилди

Матнларнинг кирилл ёзувидаги версияси транслитерация орқали автоматик шакллантирилади ва махсус белги билан кўрсатилади. Расмий матн — лотин ёзувидаги версия.

Ўзбекистон Республикаси Давлат фармакопеяси онлайн платформасида Таҳририят кенгаши томонидан верификация қилинган (текширилган) кирилл алифбосидаги матнлар версиясини эълон қилиш бошланди.

Маълумки, фармацевтика соҳасидаги меъёрий ва таҳлилий жараёнларнинг шаффофлигини ҳамда аниқлигини таъминлаш мақсадида платформадаги ягона расмий илмий-ҳуқуқий манба лотин ёзувидаги матнлар ҳисобланади. Шу билан бирга, соҳа мутахассисларига қулайлик яратиш ва ахборотдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида тизимга интеграция қилинган автоматик кириллча матнларни босқичма-босқич расмий верификациядан ўтказиш ишлари олиб борилмоқда.

Фармацевтика соҳасида катта тажрибага эга бўлган ва кўп йиллар давомида собиқ иттифоқ ёки MDH давлатлари тизимида ишлаган катта авлод мутахассислари (фармацевтлар, шифокорлар, провизорлар, олимлар) ҳалигача маълумотларни кирилл ёзувида тезроқ қабул қилишади. Тизим лотин алифбосида маълумотларни таҳлил қилишда қийинчиликларга дуч келадиган мутахассисларга ҳам ахборотдан чекланиб қолмаслик имконини беради. Мазкур янгилик тиббиёт ва фармацевтика соҳасида фаолият юритаётган икки авлод мутахассисларини бирлаштиради. Бу лотин алифбосида таълим олган ёш кадрлар ва кирилл ёзувида улкан тажрибага эга бўлган катта ёшдаги олим-у провизорларнинг муҳим маълумотларга бирдек, тезкор ва чекловларсиз киришини таъминлайди.

Бугунги кунда Таҳририят кенгашининг малакали мутахассислари томонидан терминологик ва илмий назоратдан тўлиқ ўтказилган дастлабки монографиялар ҳамда умумий мақолаларнинг кирилл ёзувидаги муқобиллари тизимга жойлаштирилди. Таҳририят томонидан тасдиқланган ушбу матнлар фойдаланувчиларга сифатли ва хатосиз илмий манбадан фойдаланиш имконини беради.

Ўзбекистон Республикаси Давлат фармакопеяси платформасида лотин ва кирилл ёзувлари ўртасидаги бундай ўтиш тизимининг жорий этилиши — шунчаки техник қулайлик эмас, балки рақамли трансформация ва миллий қонунчилик талабларини уйғунлаштирган оқилона стратегик ечимдир.

Таҳририят томонидан текширилган кирилл версиялари пайдо бўлгач, автоматик версия алмаштирилади. Тизимдаги автоматик шакллантирилган қолган матнларни расмий тасдиқланган вариантларга алмаштириш жараёни босқичма-босқич давом эттирилади.

Таҳририят томонидан текширилган ва тасдиқланган янги монографиялар матни билан платформанинг «Матнларга кириш» бўлими орқали танишишингиз мумкин.

‹ Янгиликларга