Давлат фармакопеяси иккинчи нашрининг биринчи жилди тасдиқланди
Соғлиқни сақлаш вазирининг 2025-йил 29-декабрдаги 404-сон буйруғи билан Давлат фармакопеяси иккинчи нашрининг биринчи жилди тасдиқланди; верстка якунланиб, босма ва электрон лойиҳа тайёрланди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири 2025-йил 29-декабрда «Ўзбекистон Республикаси Давлат фармакопеяси иккинчи нашри биринчи жилдини тасдиқлаш тўғрисида»ги 404-сон буйруқни имзолади. Ушбу ҳужжат ижросини таъминлаш доирасида 2026-йилнинг биринчи ярмида (январ–июн ойлари) Давлат фармакопеясини ишлаб чиқиш бўлими иккинчи нашр биринчи жилдининг саҳифалаш (верстка) ишларини якунлади ҳамда унинг электрон шаклдаги лойиҳасини тайёрлади.
Жилдга тайёргарлик жараёнида кенг кўламли таржима ва таҳрир ишлари амалга оширилди. Хусусан, биринчи жилдга киритилиши режалаштирилган Европа фармакопеясининг 334 та монографияси, Давлат фармакопеяси биринчи нашри иловасига киритилган 51 та монография, шунингдек АҚШ Фармакопеяси (USP)нинг 9–12-нашрлари оралиғидаги 22 та монографияга киритилган ўзгартириш, тўлдириш ва чиқариб ташланган матнлар бўйича ишлар тўлиқ якунига етказилди.
Шу билан бирга, биринчи жилдни босма (китоб) ва электрон шаклда нашр этиш учун техник топшириқ лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу эса нашрни ҳам анъанавий босма, ҳам замонавий электрон кўринишда фойдаланувчиларга етказиш имконини беради.
Янги нашрни амалиётга жорий этишга тайёргарлик доирасида 2026-йил 12-феврал куни «Давлат фармакопеясининг 2-нашри: халқаро ва замонавий талаблар уйғунлигининг янги босқичи» мавзусида вебинар шаклида махсус семинар машғулоти ташкил этилди. Унга маҳаллий дори воситаларини яратиш бўйича илмий-тадқиқот олиб борувчи ташкилотлар, шунингдек дори воситалари ва тиббий жиҳозларни ишлаб чиқарувчи ҳамда улар сифатини назорат қилувчи муассасаларнинг мутасадди ходимлари жалб этилди.
Давлат фармакопеяси иккинчи нашрининг биринчи жилди миллий фармакопеяни Европа фармакопеяси ва АҚШ Фармакопеяси каби етакчи халқаро фармакопеялар билан уйғунлаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлиб, мамлакатда дори воситалари сифатини таъминлашнинг меъёрий асосини янада мустаҳкамлайди.

