ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ ФАРМАКОПЕЯСИНИНГ ИШЛАБ ЧИҚИШДА ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК
Ўзбекистон Республикаси Давлат фармакопеяси дунёдаги етакчи фармакопеялар, халқаро ташкилотлар ва регулятор органлар билан интеграциялашув ҳамда ҳамкорлик қилиш йўналишида фаолият олиб боради. Ушбу жараён халқаро стандартларга мувофиқ дори воситалари сифати, хавфсизлиги ва самарадорлигини таъминлашга қаратилган.
Ўзбекистон Республикаси Давлат фармакопеяси халқаро фармакопея органлари билан ҳамкорлик қилиш орқали миллий стандартларни такомиллаштириб, дори воситалари сифатини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Ўйғунлаштириш жараёни фармацевтика соҳасида илғор халқаро тажрибаларни қўллаш ва Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган дори воситаларининг жаҳон бозорида тан олинишини таъминлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат фармакопеяси 10 дан ортиқ халқаро ташкилотлар ва фармакопея органлари билан алоқаларни йўлга қўйган, жумладан:
- Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (WHO) Халқаро фармакопеяси ва Жаҳон фармакопеялари Халқаро йиғилиши (IMWP);
- Дори воситалари сифати ва соғлиқни сақлаш бўйича Европа директорати (EDQM);
- Европа фармакопеяси (Ph.Eur.);
- Европа дори воситалари агентлиги (EMA);
- АҚШ Фармакопея Конвенцияси (USP);
- Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕАЭС) Фармакопея қўмитаси;
- Инсон фойдаланадиган фармацевтика воситаларига қўйиладиган техник талабларни уйғунлаштириш бўйича Халқаро кенгаш (ICH);
- Дори воситаларини тартибга солиш бўйича халқаро платформа(IPRP);
- Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) – Туркий давлатлар фармакопеяси ва бошқалар.
⬇ PNG yuklab olishЖаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) билан ҳамкорлик
Бугунги кунда ЖССТ томонидан жами 57 та ҳудудий ва миллий фармакопеялар эътироф этилган бўлиб, Жаҳон фармакопеялари ва фармакопея органларининг индекси “The Index of World Pharmacopoeias and Pharmacopoeial Authorities by World Health Organization”га киритилган. Шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Давлат фармакопеяси ва фармакопея органи ҳам 2021 йилнинг декабрь ойидан бошлаб мазкур индексдан муносиб ўрин эгаллаб келмоқда.
⬇ PNG yuklab olishСоғлиқни сақлаш ва дори воситалари сифати бўйича Европа директорати (EDQM) билан ҳамкорлик
Давлат фармакопеясини нашрга тайёрлаш борасида Европа фармакопея комиссиясининг қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Европа фармакопея комиссияси таркибига кузатувчи сифатида киритилган бўлиб, Европа фармакопея комиссиясининг 2019 йил 20 мартдаги
163-сессияси қарорига асосан «Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” Давлат муассасаси билан Европа фармакопея комиссияси ўртасида “Ўзбекистон Республикаси Давлат фармакопеясини яратишда Европа фармакопеяси матнларини уйғунлаштириш ва нусхалаштириш ҳуқуқини тақдим қилиш тўғрисида”ги келишув имзолангандир.
⬇ PNG yuklab olishАҚШ Фармакопеяси билан ҳамкорлик
2023-йил 3 май санасида “Қўшма Штатлар Фармакопеяси – Миллий формулярини қабул қилиш ҳуқуқларини тақдим этиш” тўғрисидаги муҳим шартнома имзоланди. Бу, Ўзбекистон фармакопеясини халқаро стандартларга мувофиқ равишда янгилашга замин яратди. Кейинчалик,
2023-йил 8-сентябрь санасида ушбу йўналишдаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида Англашув меморандуми имзоланди.
⬇ PNG yuklab olishШартнома ва меморандумнинг тегишли бандларига кўра қуйидагилар белгилаб ўтилган:
- Давлат фармакопеясини ишлаб чиқиш ва қайта ишлаш жараёнида АҚШ Фармакопея Конвенциясининг интеллектуал мулки бўлиб ҳисобланган USP-NF мақолаларидан уйғунлаштириш, мувофиқлаштириш ва нусҳалаштириш шаклларида фойдаланиш бўйича ҳуқуқларни тақдим этилиши;
- Давлат фармакопеясини ишлаб чиқиш ва қайта кўриб чиқиш давомида даврий равишда USP-NF га янги киритилган ёки қайта кўриб чиқиш натижасида киритиладиган стандартлар ва маълумотларни босқичма-босқич уйғунлаштириш ва мувофиқлаштириш йўли билан фойдаланиш;
- Давлат фармакопеясини ишлаб чиқиш ва қайта кўриб чиқиш давомида алоҳида фармакопея мақолалари ва монографияларини ишлаб чиқиш давомида уларни USP-NF талабларига мувофиқ бўлишини таъминлаш;
- Давлат фармакопеяси мақолаларида фаол ва ёрдамчи моддаларга тааллуқли бўлган, фармакопея стандарт намуналаридан фойдаланишни кўзда тутган ҳолда USP эталон стандартларидан фойдаланиш талабини ҳам қўлланилиши эътиборга олингандир.
Юқоридагилар билан бир қаторда келишувга мувофиқ қуйидаги тадбирларни амалга ошириш учун ҳам кенг имкониятлар яратилади:
- “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” давлат муассасаси мутахассисларининг малакасини ошириш;
- USP-NF нинг жорий версиясига бепул онлайн кириб фойдаланишни таъминлаш ва стандарт намуналарни чегирма нархларда сотиб олиш;
- дори воситаларини стандартлаштириш ва сифатини назорат қилиш соҳасида турли халқаро тадбирларни ташкил этиш ва биргаликда иштирок этиш кабилар белгилангандир.
Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) Фармакопея қўмитаси билан ҳамкорлик
Евроосиё Олий Иқтисодий Кенгашининг 2020 йил 11-декабрдаги “Ўзбекистон Республикасини Евроосиё иқтисодий иттифоқига кузатувчичи давлат мақоми остида киритиш бўйича” 14-сон қарори билан, 2014 йил 29-майда имзоланган Евроосиё иқтисодий иттифоқи тўғрисидаги шартноманинг 109-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикасига Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) кузатувчи давлат мақоми берилди. Шу муносабат билан ЕОИИ га аъзо давлатлар билан фармацевтика соҳасида стандартлаштириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалаларини ҳам уйғунлаштириб бориш лозим бўлади.
Ўзбекистон Республикасининг ЕОИИ Фармакопея қўмитаси таркибига Ўзбекистон фармакопея органи вакилларини кузатувчи сифатида киритилиши хам алоҳида ахамият касб этади.
Бу ўз навбатида ЕОИИ фармакопеясини ишлаб чиқиш бўйича ўтказилаётган сиссияларда иштирок этиш ва тегишли илмий тадқиқот натижалари билан танишиш, уларнинг мухокамасида иштирок этиш ва улардан фойдаланиш имконини бериб келмоқда.
⬇ PNG yuklab olishТуркий давлатлар ташкилоти билан ҳамкорлик
2023-йил 16 августда Туркий давлатлар ташкилоти доирасида муҳим ҳужжат – Туркий давлатлар фармакопеясини ишлаб чиқиш бўйича гуруҳни ташкил этишга қаратилган ҳамкорлик декларацияси қабул қилинди. Ушбу декларация туркий давлатлар ўртасида фармацевтика соҳасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва ягона стандартларни яратишга асос бўлиб хизмат қилади.
⬇ PNG yuklab olish2024 йилнинг 1 июль куни Туркий давлатлар ташкилотининг Туркий фармакопеяни ишлаб чиқиш ишчи гуруҳининг 1-мажлиси бўлиб ўтди. Йиғилишда Ўзбекистон томонидан Давлат фармакопеяси бош муҳаррири профессор Х.К.Джалилов «Ўзбекистон Республикаси Давлат фармакопеясини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этишнинг долзарб масалалари» мавзусида тақдимот қилди.